Xalqaro maqom san'ati anjumani
6-10 sentyabr
Shaxrisabz, O'zbekiston
Batafsil

Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик авжида!

19.07.18 | 0

Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик авжида!Жайҳун каби қадим элнинг
Туйғуси бор мақомда.
Жафолардан синмай қолган
Кўзгуси бор мақомда.
Асрларнинг қаҳ-қаҳаси,
Кулгуси бор мақомда
Дутор, танбур, ғижжак
Уд, най
Чолғуси бор мақомда…
Ёнғин Мирзо

Дарҳақиқат, шоир тилга олганидек, мақом санъати негизида бизга маълум ва номаълум асрорлар мавжуд. Мақомни тинглар эканмиз, мақомотда дилни ажиб сеҳрга чулғайдиган, ҳам ақлга қувват бахш этадиган, ҳам одамийлик ва инсон руҳиятини тозаловчи энг гўзал фазилатлардан сабоқ бергувчи қудрат борлигига амин бўламиз.
Бир неча йиллик тарих давомида мақом санъатига бўлган эътибор пасайиш даврини бошидан кечиргани ҳеч кимга сир эмас. Аммо унинг ворисийлик ришталари ҳеч қачон узилгани йўқ. Энг қийин пайтларда ҳам миллат руҳининг ифодаси, эзгуликка даъват этувчи омил сифатида у ардоқлаб келинган.
Қулай шароит ва ижобий вазият пай­до бўлиши биланоқ у ўз ижтимоий аҳамиятни тиклаб, қайта ривожланиб, янги чўққиларни забт этишга киришган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши ҳамда бундан буён ҳар икки йилда бир маротаба мамлакатимизда “Халқаро мақом санъати анжумани”нинг ўтказилиши бу санъатнинг дунёвий аҳамиятини белгилаб беради.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда жорий йил 6-10 сентябрь кунлари илк маротаба ўтказиладиган “Халқаро мақом санъати анжумани”га катта тайёргарлик жараёни кетмоқда.
2018 йил 2- 6 -13 июль кунлари “Ўзбек миллий мақом санъати маркази” биносида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тузилган саралаш комиссияси аъзолари Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилаётган “Халқаро мақом санъати анжумани”да иштирок этиш истагини билдирган хорижий давлат мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналарини кўриб чиқиш учун йиғилишлар ўтказишди.

Саралаш комиссия аъзолари йиғи­лиш давомида форумнинг www.maqomforum.uz сайтига келиб тушган бар­ча хорижий давлатлар вакиллари томонидан юборилган ижод намуналарини кўриб чиқдилар.
Йиғилишда Ҳиндистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой, АҚШ, Тожикистон, Туркия, Бельгия, Жазоир, Бангладеш, Сурия ва Эрон каби хорижий давлат мақом ансамбллари ва яккахон хонандаларининг ижод намуналари анжуман низом талаблари доирасида ўрнатилган тартибда ўрганилди.
Саралаш босқичи давомида эса комиссияси аъзолари томонидан Аф­ғо­нистоннинг “Сафар” гуруҳи, АҚШнинг “Шашмақом академияси” болалар мусиқий жамоаси, Ҳиндистоннинг Устад Иқбал жамоаси, Озарбайжоннинг Саҳиб Пашшазаде раҳбарлигидаги “Mugham” ансамбли жамоаси, Хитой Халқ Респуб­ликасидан Гулзира Аблат-яккахон ижрочи, Жазоирнинг Djazira мусиқий жамоаси, Тожикистондан яккахон ижрочи Сирожиддин Жўраев, Ҳиндистоннинг Dvali мусиқий жамоаларининг ижод намуналари маъқул деб топилди ва холисона баҳоланди.

Энди айрим иштирокчилар ҳақида. Сирожиддин Жўраев – 1975 йил 27 декабрь куни Тожикистон Республикасида туғилган. Тожикистон Республикаси фуқароси. 2005 йилда Тошкент давлат консерваториясини тамомлаган. Ф.Шахобов номидаги Тожикистон давлат Шошмақом ансамблида мусиқа дуторчиси лавозимида фаолият юритмоқда.
У халқаро мақом санъати анжуманида “Мушкулоти Наво” (силсила – Тасниф, Taрже, Гардун), “Taлқини Баёт” (Наво мақомидан), “Не ажаб” ва “Очилсин” (xaлқ куйлари), “Зулф” (M.Mўминов куйи) куйларини ижро этиши кўзда тутилмоқда.

Ҳиндистоннинг Dvali мусиқий жамоаси Янги Деҳлида ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Мазкур жамоа кўплаб фес­тивалларда иштирок этиб келади. Жумладан, Ўзбекистоннинг Хива шаҳрида ўтказилган “RAQS SEHRI” фестивалида ҳам қатнашган. Жорий йил 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Халқаро мақом санъати анжумани”да ҳинд классик мусиқасини ижро этиши кўзда тутилмоқда.

Рашидахон ҲАСАНОВА,
Ўзбек миллий мақом
санъати марказининг
АКТ ва матбуот бўлими ходими